I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа Қонун хужжатлари асосида ишлаб чиқилган.
1.2. «Qo`qon yog`-moy» aksiyadorlik jamiyati (матн давомида – Жамият деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Давлат Мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитасининг 1994 йил 29 июлдаги №501 к-ПО-сонли буйруғига асосан ташкил этилган.
1.3. Жамиятнинг тўлиқ фирма номи: Ўзбек тилида: – кирилл алифбосида – «Қўқон ёғ-мой» акциядорлик жамияти – лотин алифбосида – «Qo`qon yog`-moy» aksiyadorlik jamiyati Рус тилида: – акционерное общество «Қўқон ёғ-мой» Жамиятнинг қисқартирилган фирма номи: Ўзбек тилида: – кирилл алифбосида – «Қўқон ёғ-мой» АЖ – лотин алифбосида – «Qo`qon yog`-moy» AJ Рус тилида: – АО «Қўқон ёғ-мой»
1.4. Жамият юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида хисобга олинадиган алохида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав фондига (устав капиталига) берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
1.5. Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлик зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.
1.6. Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади.
1.7. Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.
1.8. Жамиятнинг мол-мулки унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиб, Жамият акцияларини жойлаштиришдан тушган маблағлар, асосий фондлар ва айланма маблағлар, кўчар ва кўчмас мулклар, қимматли қоғозлар, олинган даромад, қонун хужжатлари билан тақиқланмаган бошқа асосларда олинган бошқа мол-мулклардан ташкил топади.
1.9. Жамият акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклидаги шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин.
1.10. Жамият ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида филиаллар ташкил этиши ҳамда уларга қонун хужжатлари ва Жамият Уставида белгиланган доирада ва тартибда ваколатлар бериши мумкин.
1.11. Жамият томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида филиаллар ташкил этиш ва ваколатхоналар очиш, ҳамда уларга конун хужжатлари ва Жамият Уставида белгиланган доирада ва тартибда ваколатлар бериши мумкин. Жамият филиал ва ваколатхоналарини мол-мулк билан таъминлайди.
1.12. Жамият корхоналар, ташкилотлар ва бошқа тижорат тузилмаларини ташкил этишда ва уларнинг хўжалик фаолиятида, шу жумладан холдинг асосида кам, ўз маблағлари билан, шу жумладан улуш қўшиш асосида қатнашиш ҳуқуқига эга.
1.13. Жамият ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, ўз манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш ҳамда биргаликдаги дастурларни амалга ошириш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) ва ўзга бирлашмаларда қатнашиши мумкин.
1.14. Жамиятнинг жойлашган ери (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри, Мовароуннахр кўчаси, 84 уй. Индекс: 150707. Веб сайт: www.qоqonyogmoy.uz. Электрон почта манзил: kokand_mjk@mail.ru
II. ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ СОХАСИ (АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ) ВА МАҚСАДИ
2.1. Жамиятни ташкил этишдан асосий мақсад Жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолиятидан акциядорлар манфаатлари учун фойда олишдир. Жамиятнинг асосий вазифалари ижтимоий муҳим озиқ-овқат товарларини сотишни пухта ташкил этиш хисобига ахолини, ижтимоий соха муассасалари ва истеъмолчи корхоналарни улар билан ишончли ва узлуксиз улгуржи-чакана савдо тармоқлари орқали таъминлаш хисобланади.
2.2. Жамият асосий мақсадига эришиш учун фаолият ва хизмат кўрсатишнинг қўйидаги турларини амалга оширади:
• Саноат махсулотлари, халқ истеъмоли молларини ишлаб чикариш ва реализация килиш;
• Усимлик ёклари, ёк-мой махсулотлари ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга сотиш;
• Ишлаб чиқарилган саноат махсулотлари, халқ истеъмоли молларининг улгуржи ва чакана савдосини ташкил этиш;
• Шелуха ва кунжара ишлаб чиқариш ва сотиш;
• Қишлоқ хўжалик, жумладан чорвачилик махсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни сотиш;
• Хўжалик совуни ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга сотиш;
2.3. Жамият юқорида кўрсатилган фаолият турларидан ташқари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини кам амалга ошириши мумкин.
2.4. Жамият ўз фаолиятини амалга ошириш учун хориждан мутахассислар ёллашга, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш услуби, микдори ва турини мустақил белгилашга ҳақлидир.
2.5. Махсус рўхсатнома (лицензия) талаб қилинадиган фаолият турлари тегишли рўхсатнома (лицензия) олингандан сўнг амалга оширилади.
III. ЖАМИЯТ УСТАВ ФОНДИНИНГ МИҚДОРИ
3.1. Жамиятнинг устав фонди акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади.
3.2. Жамиятнинг Устав фонди 3 699 444 500 сўмни ташкил қилиб, у хар бирининг номинал қиймати 3 970 сўмдан бўлган 2 060 дона имтиёзли ва 929 790 дона оддий акцияларга бўлинган.
а) Жамиятнинг Устав фондини кўпайтириш.
3.3. Жамиятнинг Устав фондини ошириш “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
3.4. Жамиятни устав фондини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равищда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдори номинал қиймати 3 970 сўмдан бўлган 1 500 000 дона оддий ва 2 060 дона имтиёзли акциялардан иборат.
б) Жамиятнинг Устав фондини камайтириш.
3.5. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган холда жамият томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.
3.6. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) акцияларнинг бир қисмини олиш ва бекор қилиш йўли билан камайтиришга ҳақли.
3.7. Агар устав фондини камайтириш натижасида унинг миқдори жамият устав фондининг жамият уставидаги тегишли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида аниқланадиган қонун хужжатларида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, Жамият устав фондини камайтиришга ҳақли эмас.
3.8. Устав фондини камайтириш ва Жамият уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
3.9. Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилган вақтда акциядорларнинг умумий йиғилиши устав фондни камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.
IV. ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ
4.1. Жамиятнинг акциялари оддий ва имтиёзли эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар хисобланади.
4.2. Жамиятнинг оддий акциялари овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгасига дивидендлар олиш, акциядорларнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
4.3. Жамият томонидан чиқариладиган имтиёзли акциялар, агар жамиятнинг тўлашга манбааси бўлса, яъни захира фондида маблағлари бўлса, жамиятнинг фойда келтиришидан қатъий назар уларнинг номинал қийматидан 20% кам бўлмаган миқдорда ёки акциядорлар умумий йиғилиши қарорига кўра оддий акцияларга белгиланган сумма билан тенг миқдорда дивиденд олиш ҳуқуқини беради.
4.4. Имтиёзли акциялар эгалари жамият тугатилган тақдирда унинг мулклари тақсимланаётган пайтда оддий акция эгалари ўртасида мулк тақсимоти амалга оширилгунга қадар ўз акцияларининг номинал қийматини оладилар.
4.5. Жамият ўзи жойлаштирган имтиёзли акцияларни олиш нархи уларнинг бозор кийматига мувофиқ белгиланади.
V. ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ
5.1. Жамиятнинг қўшимча акцияларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорида чиқарилаётган кўшимча акцияларнинг умумий қиймати, сони, тури, номинал қиймати, жойлаштириш тартиби, усули (оммавий ёки хусусий йўсинда), муддати, жойлаштириш (акцияларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи, акциялар учун тўлов тартиби, амалга ошмаган деб топиш улуши ва амалга ошмаган деб топилган тақдирда акциялар тўлови учун қабул қилинган тўлов воситаларини қайтариш тартиби белгиланади.
5.2. Жамият қўшимча акцияларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда чиқарилаётган акцияларни жойлаштириш тартибини, яъни акциялар жойлаштирилишининг боришида фуқаролик-ҳуқуқий битимлар тузилишининг тартиби ва шартлари, жойлаштириш амалга ошириладиган бозорларни (биржа ёки биржадан ташқари, ташкиллаштирилган ёки ташкиллаштирилмаган) белгилайди.
5.3. Жамият қўшимча акцияларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда чиқарилаётган акцияларни жойлаштириш усули (оммавий ёки хусусий йўсинда) белгиланади.
5.4. Жамият томонидан акцияларни жойлаштириш муддати уларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.
5.5. Жамиятнинг акцияларига ҳақ тўлаш қонун хужжатларида белгиланган тартибда пул ва тўловнинг бошқа воситалари, мол-мулк шунингдек пулда баҳоланадиган ҳуқуқлар (шу жумладан ашёвий ҳуқуқлар) воситасида амалга оширилади.
5.6. Жамият овоз берувчи акцияларининг эгалари бўлган акциядорлар акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Акциядор, шу жумладан акциядорларнинг умумий йиғилишида қарши овоз берган ёҳуд унда иштирок этмаган акциядор акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда имтиёзли олиш ҳуқуқига эга. Бунда акцияларни имтиёзли олиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.
5.7. Акцияларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида белгиланган муддат давомида, аммо бундай қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кўпи билан бир йил давомида амал қилади.
VI. ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИ БЎЙИЧА ДИВИДЕНДЛАР ТЎЛАШ ТАРТИБИ
6.1. Дивиденд жамият соф фойдасининг акциядорлар ўртасида тақсимланадиган қисмидир.
6.2. Жамият акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт.
6.3. Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёҳуд жамиятнинг қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин.
6.4. Жамиятнинг имтиёзли акциялари бўйича дивидендларни қимматли қоғозлар билан тўлашга йўл қўйилмайди.
6.5. Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.
6.6. Жамият молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойи натижаларига кўра ва (ёки) молиявий йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Жамиятнинг молиявий йилнинг биринчи чораги, ярим йиллиги ва тўққиз ойи натижаларига кўра дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарори тегишли давр тугагандан кейин уч ой ичида қабул қилиниши мумкин.
6.7. Акцияларнинг хар бир тури бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий хисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик ҳулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий хисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
6.8. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугалланадиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим. Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби жамиятнинг уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.
6.9. Акциядорларга дивидендларни тўлаш тўгрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган жамият акциядорларининг реестрида кайд этилган шахслар акциялар бўйича дивиденд олиш ҳуқуқига эга.
VII. ЖАМИЯТНИНГ ЗАХИРА ФОНДИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ
7.1. Жамият соф фойда хисобидан захира фондини ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилишида аниқланадиган, жамият фаолияти учун зарур бўлган бошқа фондларни ташкил этади.
7.2. Жамиятнинг захира фонди, бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, жамиятнинг зарарлари ўрнини қоплаш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва жамиятнинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мулжалланади.
7.3. Захира фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.
7.4. Жамият устав фондининг 15 фоизи миқдорда жамият захира фонди тузилади.
7.5. Жамият захира фондига ушбу уставнинг 7.4-бандида белгиланган миқдорга етгунига қадар хар йили соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаган миқдорида ажратмалар ўтказади.
7.6. Захира фонди тўлалигича ёки қисман сарфланиб бўлган ҳолларида, мажбурий ажратмалардан тикланади.
7.7. Жамият соф активларининг қиймати бухгалтерия хисоб-китоб маълумотлари бўйича белгиланган тартибда бахоланади.
VIII. ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИНИНГ ТУЗИЛМАСИ
8.1. Жамият бошқарув органлари – Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва Ижроия органи (Бошқарув).
IX. ЖАМИЯТ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ
9.1. Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир. Акциядорларнинг умумий йиғилишини жамият кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, жамият кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.
9.2. Жамият хар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишини) ўтказиши шарт. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йигилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йигилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.
9.3. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қўйидагилар киради:
– жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;
– жамиятни қайта ташкил этиш;
– жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;
– жамият кузатув кенгашининг ва миноритар акциядорлар қўмитасининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
– эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;
– жамиятнинг устав фондини камайтириш;
– ўз акцияларини олиш;
– жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, бошқарув раисини сайлаш (тайинлаш);
– жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини (тафтишчисини) сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек тафтиш комиссияси (тафтишчи) тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
– жамиятнинг йиллик хисоботини, йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш;
– жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;
– жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан жамиятни бошқаришга доир қонун хужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг хисоботларини ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ҳулосаларини эшитиш;
– жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– қимматли қоғозларнинг хосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни сотиб олишда акциядорнинг имтиёзли ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисида қарорни қабул қилиш;
– акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;
– акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;
– акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;
– жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва (ёки) компенсацияларни, шунингдек уларнинг энг юкори миқдорларини белгилаш;
– қонунчиликда белгиланган ҳолларда Жамият томонидан йирик битимлар ва жамият аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– қонун хужжатларига мувофик бошқа масалаларни ҳал этиш. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар жамиятнинг ижроия органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар жамиятнинг кузатув кенгаши ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас.
9.4. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари ушбу қарорлар қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай акциядорлар эътиборига етказилади.
X. ЖАМИЯТ КУЗАТУВ КЕНГАШИ
10.1. Жамият кузатув кенгаши Жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига тааллуқли масалалар бундан мустасно.
10.2. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига қўйидагилар киради:
– жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
– акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, қонунчиликда назарда тутилган холлар мустасно;
– акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;
– акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;
– акциядорларнинг умумий йигилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;
– жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш масалаларини акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;
– жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
– акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;
– жамият томонидан корпоратив облигациялар, шу жумладан акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– қимматли қоғозларнинг хосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– жамиятнинг бошқарув раисини сайлаш (тайинлаш), ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
– жамиятнинг ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорларини белгилаш;
– мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;
– жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш. Бунда жамиятнинг келгуси йилга мулжалланган бизнес-режаси жамият кузатув кенгаши мажлисида жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим;
– ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек хар чоракда унинг хисоботларини эшитиб бориш;
– жамият ижроия органининг фаолиятига даҳлдор хар қандай хужжатлардан эркин фойдаланиш ва жамият кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу хужжатларни ижроия органидан олиш. Жамият кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган хужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;
– аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;
– жамиятнинг тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчисига) тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;
– дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;
– жамиятнинг захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;
– жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;
– жамиятнинг шуъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;
– қонунчиликда белгиланган холларда Жамият томонидан йирик битимлар ва жамият аффилланган шахслари билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
– жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлик битимларни қонун хужжатларида белгиланган тартибда тузиш.
10.3. Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар ҳал қилиш учун Жамият Ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.
10.4. Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони 9 (тўққиз) кишидан иборат.
10.5. Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади. Кумулятив овоз беришда хар бир акциядорга тегишли овозлар сони Жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир. Энг куп овоз тўплаган номзодлар Жамият кузатув кенгаши таркибига сайланган деб хисобланади.
10.6. Жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаш аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан Жамият кузатув кенгаши аъзолари умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан сайланади. Жамият кузатув кенгаши ўз раисини жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.
10.7. Жамият кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади.
10.8. Жамият кузатув кенгаши раиси йўқ бўлган холларда унинг вазифасини кузатув кенгаш аъзоларидан бири амалга оширади.
10.9. Жамият кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан хар чоракда камида бир марта чақирилади. Зарурият кура Жамият кузатув кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ҳам ўтказилиши мумкин.
10.10. Жамият кузатув кенгашининг қарори кузатув кенгашга сайланган аъзоларнинг камида етмиш беш фоизи иштирок этганида қонуний хисобланади. Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар, агар қонунчиликда бошқа холлар кўзда тутилмаган бўлса, мажлисда хозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашнинг хар бир аъзоси битта овозга эга. Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашнинг бошқа аъзосига беришига ҳақли эмас. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган ҳолда, Жамият кузатув кенгаши Раисининг овози ҳал этувчи хисобланади.
XI. ЖАМИЯТНИНГ ИЖРОИЯ ОРГАНИ
11.1. Жамиятнинг кундалик фаолиятига рахбарлик қилиш ваколати жамиятнинг Бошкаруви томонидан амалга оширилади. Жамият Бошкаруви аъзоларининг сон таркиби 5 кишидан иборат.
11.2. Жамият Бошкаруви жамиятнинг кундалик фаолиятини бошқаради ва оператив рахбарликни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Жамият Устави, акциядорлар умумий йиғилиши ва Жамият кузатув кенгашининг карорларига мувофиқ амалга оширади.
11.3. Жамият Бошкаруви акциядорлар умумий йиғилиши ва Жамият кузатув кенгашига хисобот беради.
11.4. Жамиятнинг Бошқарув раиси кузатув кенгаши томонидан вақтинча тайинланади ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Бошқарув аъзолари (бошқарув раиси) билан меҳнат шартномасини Жамият номидан Жамият кузатув кенгаши раиси имзолайди. Жамиятни бошқарув раиси ва ижро органи аъзоларини тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги қарор, хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади.
11.5. Жамият Бошқарувининг ваколатларига Жамиятнинг кундалик фаолиятига рахбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига ёки Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.
11.6. Жамият Бошқаруви акциядорлар умумий йиғилиши ва Жамият кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.
11.7. Жамият Бошқаруви мазкур устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган “Ижроия органи тўғрисида”ги Низом асосида иш олиб боради.
11.8. Жамият Бошқарув раисининг ваколатларига қўйидагилар киради:
– мазкур устав ва Жамият кузатув кенгаши томонидан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ Жамиятнинг ишига рахбарлик қилиш;
– Жамият кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида маслахат овози билан иштирок этади;
– Жамият номидан ишончномасиз иш юритади ва унинг манфаатларини ҳимоя қилади;
– Жамият номидан битимлар тузади, жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси рахбарини тайинлайди;
– штатларни тасдиқлайди, Жамият ходимларини ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади, ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўллайди, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлайди;
– Жамият номидан амалдаги қонунчиликка асосан ишончномаларни беради;
– Жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
– Жамиятнинг ички меъёрий хужжатларини тасдиқлайди;
– ўз ваколатлари доирасида Жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаган ҳолда унинг жорий фаолиятига рахбарлик қилади;
– акциядорлар умумий йиғилиши ва Жамият кузатув кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этади;
– амалдаги қонунчиликка мувофиқ Жамиятда бухгалтерия хисоби ва хисоботининг ташкил этилиши, зарур холати ва ишончлилигини, йиллик хисоботлар ва бошқа молиявий хисоботлар тегишли органларга ўз вақтида тақдим этилишини, шунингдек акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган Жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди;
– амалдаги қонун хужжатларига ҳамда Жамият ички хужжатларига риоя қилади.
11.9. Жамият Бошқарув раисининг ҳуқуқлари:
– Штатларни белгилайди, Жамият ходимларини ишга қабул қилади, улар билан мехнат шартномаларини тузади, бекор қилади ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қуллайди, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлайди;
– Жамиятнинг таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомлар, ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;
– Жамият номидан амалдаги қонунчиликка асосан ишончномаларни беради;
– Жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
11.10. Жамият Бошқарув раисининг мажбуриятлари:
– Жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги хужжатлар Жамиятнинг кузатув кенгаши, Тафтиш комиссияси ёки Жамият аудитори талабига кўра тақдим этади;
– давлат статистика хисоботи тегишли органларга тўлиқ ва ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайди;
– Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни сақлаш, агар бундай ахборотни учинчи шахсларга бериш унинг вазифалари доирасига кирмаса.
– хизмат ёки тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг Жамият ходимлари томонидан сақланишини таъминлайди;
– Жамиятни малакали кадрлар билан таъминлайди, Жамият ходимларининг билими, малакаси, тажрибаси ва кобилиятларидан энг яхши фойдаланиш чораларини кўради;
– Жамият ходимларининг ижтимоий кафолатларига риоя қилинишини ва улар мехнатини мухофаза қилишини таъминлайди;
– ўз ваколатига тегишли ишларнинг холати тўғрисидаги ахборотни акциядорларнинг умумий йиғилишига ва Жамият кузатув кенгашига белгиланган муддатда тақдим этади;
– Жамият акциядорларининг Умумий йиғилишида қатнашиш, дивидендлар хисобланиши ва тўланиши бўйича акциядорларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилади;
– Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчиликка ва бошқа қонун ости хужжатларига ҳамда Жамият ички хужжатларига риоя қилади.
11.11. Жамият Бошқарув раиси ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим.
11.12. Жамият Бошқарув раиси қонун хужжатларига ва ушбу уставга мувофиқ жамият олдида жавобгардир.
ХII.МИНОРИТАР АКЦИЯДОРЛАР ҚЎМИТАСИ
12.1. Миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамиятда уларнинг орасидан миноритар акциядорларнинг қўмитаси ташкил этилиши мумкин.
12.2. Миноритар акциядорлар қўмитасининг таркибига номзодлар бўйича таклифлар жамиятга жамият кузатув кенгашига номзодлар бўйича таклифлар киритиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда киритилади.
12.3. Миноритар акциядорлар қўмитасининг аъзоларини сайлашда акциядорларнинг умумий йиғилишида хозир бўлган ва жамият кузатув кенгашига номзодлар кўрсатмаган ёҳуд акциядорларнинг ўтказилаётган умумий йиғилишида кузатув кенгашига номзодлари сайланмаган акциядорлар иштирок этади.
12.4. Миноритар акциядорлар қўмитасининг таркибига жамиятнинг директори, бошқарув аъзолари, шунингдек жамиятнинг кузатув кенгашига ва тафтиш комиссиясига (тафтишчиси этиб) сайланган шахслар кириши мумкин эмас.
12.5. Миноритар акциядорлар қўмитасининг ваколатига қўйидагилар киради:
акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки жамиятнинг кузатув кенгаши кўриб чиқиши учун киритилаётган йирик битимлар ва аффилланган шахслар билан битимлар тузишга оид масалалар буйича таклифлар тайёрлашда иштирок этиш;
миноритар акциядорларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиш;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаатлар киритиш;
қонун хужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни кўриб чиқиш.
12.6. Миноритар акциядорлар қўмитасининг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Миноритар акциядорлар қўмитасининг мажлислари унинг миқдор таркибига сайланган шахсларнинг камида тўртдан уч қисми хозир бўлганда ваколатлидир.
12.7. Миноритар акциядорлар қўмитаси аъзолари сони беш кишидан иборат сайланади.
12.8. Миноритар акциядорларнинг қўмитаси қабул қилинган қарорлар тўғрисида хар йили акциядорларнинг умумий йиғилишида хисобот беради.
12.9. Миноритар акциядорлар қўмитасининг раиси ушбу қўмита таркибидан миноритар акциядорлар қўмитасининг аъзолари томонидан кўпчилик овоз билан сайланади.
12.10. Миноритар акциядорлар қўмитасининг раиси миноритар акциядорлар қўмитасининг ваколат доирасига киритилган барча масалалар бўйича жамиятнинг хужжатларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
12.11. Миноритар акциядорлар қўмитасининг фаолият кўрсатиш тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
12.12. Миноритар акциядорлар қўмитаси жамиятнинг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
12.13. Миноритар акциядорлар қўмитасининг фаолиятига жамият кузатув кенгашининг ёки ижроия органининг аралашувига йўл қўйилмайди.
XIII. ЖАМИЯТНИНГ ТАФТИШ КОМИССИЯСИ
13.1. Жамиятнинг молия-хужалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясини бир йил муддатга сайлайди. Жамият тафтиш комиссияси 3 кишидан иборат.
13.2. Жамият тафтиш комиссиясининг ваколатлари:
– Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятига таалуқли хисоботларини талаб қилиш.
– Жамиятда тузилаётган йирик битимлар тўғрисидаги маълумотни ўз вақтида олиш.
– Амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича ва “Жамият тафтиш комиссияси тўғрисида”ги Низомда ички низомда белгиланган ваколатларга.
13.3. Жамият тафтиш комиссияси фаолиятининг тартиби акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган “Жамият тафтиш комиссияси тўғрисида”ги Низомда белгилаб қўйилади.
13.4. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, жамият кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида беш фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра жамият кўзатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.
13.5. Жамият тафтиш комиссиясининг талабига биноан жамиятнинг Бошқарув органларидаги мансабдор шахслар молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги хужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этишлари шарт.
13.6. Жамиятнинг тафтиш комиссияси амалдаги қонунчиликка мувофиқ акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.
13.7. Жамият тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлишлари, шунингдек жамиятнинг бошқарув органларида бошқа лавозимларни эгаллашлари мумкин эмас. Айни бир шахс айни бир жамиятнинг тафтиш комиссияси таркибига (тафтишчиликка) кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.
XIV. ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ
14.1. Активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига хисобдордир.
14.2. Жамиятнинг ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун хужжатларига, жамият уставига ва бошқа хужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия хисобида ва молиявий хисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун хужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда бахолайди. Ташқи аудиторлик ташкилоти.
14.3. Аудиторлик текшируви ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатдан келиб чиққан ҳолда танлов асосида амалга оширилади. Аудиторлик ташкилоти жамият билан тузилган шартномага мувофик қонун хужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текширади ва унга аудиторлик хулосаси тақдим этади.
14.4. Аудиторлик ташкилоти жамиятнинг молиявий хисоботи ва молияга доир бошқа ахборотлар ҳақида нотўғри якун баён этилган аудиторлик хулосаси тузганлик оқибатида етказилган зарар учун жамият олдида жавобгар бўлади.
  • 31.Окт.2022